Лойиҳа
“Битирув лойиҳа иши”ни бажариш бўйича
ЙЎРИҚНОМА
Битирув лойиҳа иши (кейинги ўринларда БЛИ) қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси тингловчисининг тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналиши дастурларини муваффақиятли ўзлаштириши асосида касбий билим, кўникма ва малакаларининг ривожланганлик даражасини акс эттирувчи якуний методик ишланмадир. Битирув лойиҳа иши тингловчи томонидан мустақил таёрланиб, соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва фан бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни ўрганиш ва таҳлил қилишга йўналтирилади.
БЛИнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
– қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси давомида тингловчилар томонидан эгалланган назарий билим, амалий кўникма ва малакаларни ривожлантириш;
– педагогик ва касбий билимларга асосланган ҳолда ўқув-услубий фаолиятини такомиллаштиришга нисбатан инновацион ёндашув мотивациясини шакллантириш;
– тингловчиларда олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этишга креатив ёндашиш кўникмаларини ривожлантириш;
– фаннинг илмий-методик масалалари бўйича тегшли адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Интернет ва электрон таълим ресурслари билан ишлашга, уларнинг қийсиё таҳлили қилишга ҳамда ўқитишни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишга ўргатишдан иборат.
БЛИнинг таркибий тузилиши
БЛИнинг таркибий қисмлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- титул варағи (1-илова);
- мундарижа (2-илова);
- кириш;
- асосий қисмнинг боблари;
- хулоса ва тавсиялар;
- фойдаланилган адабиётлар рўйхати;
- иловалар (мавжуд бўлса).
Кириш қисмида БЛИнинг мақсад ва вазифалари, мавзунинг амалий аҳамияти, БЛИнинг тузилиши ёритилади.
БЛИнинг кириш қисми умумий иш ҳажмининг 3-5% ни ташкил этиши лозим.
Биринчи бобда қуйидагилар ёритилиши лозим:
– соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва фан бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;
– юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибаларни, шунингдек, глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнига фаол татбиқ этиш йўлларини ёритиш.
БЛИнинг 1-боби умумий иш ҳажмининг 25-30% миқдорида шакллантирилиши лозим.
Иккинчи бобда фаннинг ўқув дастурида назарда тутилган мавзу доирасида қуйидаги маълумотлар шакллантирилади:
– мавзу бўйича маъруза матни (ҳар бир маъруза таянч сўзлар, асосий маъруза матни, ўз-ўзини назорат қилиш бўйича савол ва топшириқлар, фойдаланилган адабиётлар тартибида тайёрланиши лозим);
– мавзу бўйича кейслар ва амалий топшириқ, ишланмалар (мавзу юзасидан кейслар, семинар ёки амалий машғулотлар учун ишланма, топшириқлар);
– назорат топшириқлари ва мустақил таълим юзасидан кўрсатмалар (даражали тестлар, мустақил таълим юзасидан тегишли кўрсатма, тавсия ёки топшириқлар тўплами)
БЛИнинг 2-боби умумий иш ҳажмининг 55-60% миқдорида шакллантирилиши лозим.
Хулоса ва тавсиялар қисми умумий иш ҳажмининг 3-5% ни ташкил этиши лозим. Унда иш мазмуни бўйича ишлаб чиқилган хулосалар ва аниқ таклифлар, эришилган натижалар мужассамлаштирилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхатида ишни бажариш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, фойдаланилган ва қўшимча адабиётлар, хорижий адабиётлар, илмий мақолалар ва Интернет сайтлари рўйхатлари келтирилади. Адабиётлар рўйхати алфавит тартибида тузилади.
Хулоса ва тавсиялар ҳамда фойдаланилган адабиётлар рўйхати умумий иш ҳажмининг 3-5% атрофида бўлиши тавсия этилади.
Иловалар қисмида мавзу бўйича машғулотлар юзасидан тайёрланган тақдимотлар, агар мавжуд бўлса, БЛИ мазмунини ёритишга хизмат қилувчи ўқув дидактик материаллар ва таҳлилий-статистик маълумотлар келтирилади.
БЛИнинг электрон варианти дискка ёзилган ҳолда ишга илова қилинади.
Агар педагог ходимнинг фан юзасидан нашрдан чиққан дарслик, ўқув қўлланма, электрон дарслик ва бошқа материаллари бўлса, улар дискка ёзилган ҳолда битирув лойиҳа ишига илова қилинади.
БЛИга педагогик амалиёт ўталган тегишли профиль кафедранинг тажрибали мутахассиси (тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқаришдаги амалиётчи тажрибали мутахассислар) ва илмий раҳбар томонидан хулоса берилади.
Илмий раҳбар хулосаси ишни ҳимояга тавсия этиш учун асос ҳисобланади ва БЛИнинг охирига тикилади.
БЛИнинг расмийлаштирилиши
БЛИ тингловчининг истаги ва илмий раҳбар билан келишган ҳолда ўзбек, рус ёки хорижий тилларнинг бирида тайёрланиши мумкин. БЛИ компьютерда ёзилади. Бетларнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўрта қисмига қўйилади. БЛИнинг сарварағи 2-иловада келтирилган намунага мос бўлиши керак. БЛИ матни Тimes New Roman шрифти, 1,5 интервалда, 14 кегел катталигида бажарилади. БЛИ А4 форматдаги оқ қоғознинг чапдан 3 см, ўнгдан 1.5 см, юқори ва пастдан 2 см жой қолдирилган ҳолда терилиши талаб этилади. Битирув лойиҳа ишининг асосий ҳажми 70-100 бет оралиғида бўлиши лозим.
БЛИга раҳбарлик
Раҳбарнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- БЛИни бажариш режасини тузишда тингловчига амалий ёрдам бериш, шунингдек, мавзу бўйича адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа материаллар тўғрисидаги маълумотлар билан таништириш;
- тингловчига доимий амалий ва методик маслаҳатлар бериб бориш;
- БЛИнинг ўз муддатида бажарилишини назорат қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;
- тугалланган ишнинг талаблар бўйича расмийлаштирилганлиги ва мазмунан тўлиқ ёритилганлигини текшириш;
- БЛИга хулоса бериш ва аттестация жараёнидан камида 3 кун олдин минтақавий (тармоқ) маркази раҳбариятига ишнинг ҳимояга тайёр эканлиги (ёки тайёр эмаслиги) бўйича маълумот киритиш.
БЛИни ҳимоя тавсия этиш
БЛИ илмий раҳбарнинг хулосаси билан марказга тақдим этилади. Хулосада ижобий баҳоланган БЛИ ҳимояга тавсия этилади ва тингловчи томонидан Аттестация комиссияси ҳузурида ҳимоя қилинади.
БЛИ ҳимоядан кейин марказнинг “Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим жараёнини ташкил этиш ва сифатини ўрганиш” бўлимига топширилади ва марказда 3 йилгача сақланади.